Доклад на тему: ШОҲ, АДИБ ВА ШОИР — ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Раздел Иностранные языки
Класс 10 класс
Тип Рабочие программы
Автор
Дата
Формат docx
Изображения Нет
For-Teacher.ru - все для учителя
Поделитесь с коллегами:

ШОҲ, АДИБ ВА ШОИР - ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Ҳар бир халқнинг тарихий, маданий-миллий қиёфасини аниқ белгиловчи улуғ шоҳлари, буюк олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Чунончи, Искандари Мақдуний, Суқрот, Арасту, Буқрот, Еврипид, Ҳомер номларини эслаганимизда, буюк эллин маданияти улуғворлиги ва нафосати билан кўз ўнгимизда намоён бўлади.

ШОҲ, АДИБ ВА ШОИР - ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Ҳар бир халқнинг тарихий, маданий-миллий қиёфасини аниқ белгиловчи улуғ шоҳлари, буюк олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Чунончи, Искандари Мақдуний, Суқрот, Арасту, Буқрот, Еврипид, Ҳомер номларини эслаганимизда, буюк эллин маданияти улуғворлиги ва нафосати билан кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Абулғози Баҳодирхон, Амир Умархон, Муҳаммад Раҳимхон Феруз сингари шоҳ, хон ва амирлар; Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Абу Мансур ас-Саолибий, Маҳмуд Замахшарий сингари дунёвий: ижтимоий-гуманитар ва аниқ фанлар алломалари; Имом Исмоил ал-Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби ҳадис, калом, дин ва тасаввуф илми уламолари; Юсуф Хос Ҳожиб, Ҳофиз Хоразмий, Мавлоно Лутфий Шоший, Алишер Навоий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Моҳларойим Нодира, Жаҳонотин Увайсий, Зокиржон Фурқат ва уларнинг сафдошлари бўлган сўз санъаткорлари эса Ватанимиз ўтмиши қиёфасини тасаввуримизда жонлантиради.

Президентимиз Ислом Каримов шунинг учун ҳам миллий-маънавий қадриятларимиз вакилларининг таваллуд тантаналарини нишонлаш хусусида шундай ёзган эдилар: "Халқимиз республикамиз ҳукуматининг Навоий, Улугбек, Бобур, Машраб, Фурқат, Қодирий ва юртимизнинг бошқа буюк фарзандлари юбилейларини утказиш тўғрисидаги қарорини жуда руҳланиб кутиб олганлигини бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Уларнинг мероси Узбекистон халқлари умуминсоний қадриятларининг равнақи ва бойишига хизмат қилиб келган эди ва бундан буён ҳам хизмат қилади. Биз уларнинг бебаҳо меросини халққа, аввало, ёшларга етказиш учун барча ишларни қиламиз".

Инсониятнинг абадиятга мансуб буюк фарзандлари сафида бу йил таваллудининг 525 йиллиги нишонланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ўрнига эга. Кишилик тарихида Бобурчалик шахсий имкон, иқтидор ва фазилатлари беқиёс кишилар жуда кам учрайди.

Бобур - буюк подшоҳ, мумтоз шоир, назариётчи адабиётшунос, фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўпқиррали фаолият ва ижод соҳиби эди. Биргина "Бобурнома" унинг йигирмадан ортиқ соҳаларга қизиққанлигига яққол мисолдир.

Бобур, биринчи навбатда, шоҳ, бобурийлар сулоласининг асосчиси.Балки, бобурийлар жаҳон тарихида энг узоқ йиллар (332 йил) ҳукмронлик қилган сулола бўлиб чиқар...

У подшоҳ сифатида лашкар тортиб шоҳларга хос мағлубиятларнинг аччиқ аламларию зафарларнинг улуғвор нашидаларини суришни кўп маротаба ўз бошидан кечирди. Отаси сингари улуг ҳимматли ва олий мақсадли шахс бўлганлигидан Фарғона вилоятини кичик жой деб ҳисоблаб, Самарқандга интилди. У ерда Шайбонийхондан енгилиб, Кобулга келди ва кейин Ҳиндистондек бепоён йирик мамлакат ҳукмдорига айланди.

Буюк шоҳ Бобур Ҳиндистонда темурийларга хос улуғ бунёдкорлик анъаналарини давом эттирди: муҳташам қасрлар тиклаш, ариқ-каналлар қазиш, боғ-роғлар бунёд этиш, адабиёт, илмфан ривожига ҳомийлик қилиш, элни адолат билан бошқариш сингари фазилатлар кейинчалик Ҳиндистоннинг буюк фарзандлари томонидан чинакам ижобий баҳоланди. Ҳиндистоннинг буюк донишманд фарзанди, давлат арбоби Жавоҳир-лаъл' Неҳру ўзининг "Ҳиндистоннинг очилиши" ва "Жаҳон тарихига бир на-зар" асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида самимиятга тўлиқ ушбу фикрларни изҳор этган:

"Бобур - дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган.

Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланишдан ва мутаассибликдан йироқ эди... Бобур санъат ва, айниқса, адабиётни севарди".

Бугун Ҳиндистоннинг Панипат шаҳрига борган киши Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Султон Иброҳим Лўдий билан бўлган тарихий музаффарона жанги манзараларини шаҳарнинг очиқ осмони остидаги музейда кураркан, улуғ ҳинд халқининг Бобурга нисбатан ҳурмат-эҳтироми кучлилигига амин бўлади. Ёки Бангладеш пойтахти Дакка шаҳри-ни кезган киши "Лаълбоғ-қалъа" тарихий музейига кириб Бобур ва бобурийларга багишлаиган хоналарни кезаркан, Бобур ва унинг ворисларига тегишли кийимлар, уйрузғор буюмлари, ҳарбий қурол-аслаҳалар, Устод Алиқули қуйган тошотар тўплар, милтиқлар - туфаклар, совут, қиличқалқонлар, дубулға, от кежимларини (ўқ ва қилич зарбасидан ҳимоя қилувчи ёпиичиқлар), ўша давр кишиларини ўз замонлари либосларида томоша қилган киши Ҳиндистон ва Бангладеш халқларининг Бобур ва бобурийларга бўлган ҳурматларини ёрқин тасаввур эта олади.

Бу мозийгоҳда бўлган адиб Қамчибек Кенжа "Андижондан Даккагача" номли сафарномасида ҳаяжонини яшира олмай езади:

"Ҳиндистон ва Покистон шаҳарларида кўп мозийгоҳларда, жумладан, Ҳайдарободдаги машҳур Соларжанг, Лоҳурдаги миллий музейларда бўлган эдик. Лекин Шарқ оламининг олис бир четида фақат ва фақат бобурийлар ҳаёти, уларнинг подшолик фаолиятига оид ягона, махсус музейни кўрамиз, деб сира ўйламовдик".

Ҳиндистон ва Бангладешда Бобур ва бобурийлар салтанати шунчалик қадрланишидан Бобур ва ворисларининг подшоликлари бу юртларда хайрли чуқур из қолдирганлиги маълум бўлади.

"Бобурнома" нинг котиби Бобурнинг улуғ подшоҳларга хос саккиз шахсий фазилатини қайд этган:

"Ва маҳолдурким, ул подшоҳи қобилнинг яхшилиғларини айтган билан ва битиган билан тугангай. Лекин мужаммал буким, секкиз сифати асил анинг зотига муттассил эди: бириси буким, нажҳати баланд эди; иккимчиси, ҳиммати аржуманд эди; учимчиси, вилоят олмог; тўртумчиси, вилоят сахламоғ; бешумчиси, маъмурлуғ; олтимчиси, рафоҳият нияти Тенгри таоло бандалариға; еттимчиси, черикни кўнгли(ни) қўлга олмоқ; секкизимчиси, адолат қилмоқ".

Матн табдили: "У қудратли подшоҳ-нинг яхшиликларини айтган билан ва ёзган билан тугатиш маҳолдир. Лекин қисқаси буки, саккиз асл сифат унинг зотига хос эди: бири буким - иқболи баланд эди; иккинчиси - ҳиммати юксак эди; учинчиси - вилоят олмоқ; тўртинчиси - вилоят сақламоқ; бешинчиси - маъмурлик; олтинчиси - Оллоҳ бандаларига фаровонлик нияти; еттинчиси - лашкар кўнглини қўлга олмоқ; саккизинчиси - адолат қилмоқ".

Буюк тарихий сиймо сифатида Бобур шахси Европа ва АҚШ шарқшунос-тарихчи олимлари диққат-эътиборини узига жалб этган. Инглиз тарихчиси Эдуард Ҳолден, аввало, Бобурни машҳур Юлий Цезар билан қиёслашни лозим топади: "Бобур феъл-атворига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган".

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган "Бобурнома"нинг инглиз таржимони Уилям Эрскин Бобурни Осиё подшоҳларига қиёсан шундай баҳолайди:

"Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илмфан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди".

Бобур - соҳибдевон, соҳир шоир. Бобур шуҳратда даҳо Алишер Навоийнинг ёнида турадиган мумтоз сўз санъаткори, шоир ва адибдир. Бадиий маҳорат бобида бирор ўзбек шоҳ ва шоири Бобур билан беллаша олмайди. Шеърият учун хос бўлган бир неча заруратлар: нуктапардозлик(янги фикрлар айта олиш маҳорати), жозибали бадиий санъатлардан меъёрида усталик билан фойдаланиш сеҳргарлиги ва эҳтирос жўшиб турган рангин туйгулар талқини бобурона самимий шеърият фазилатларидир. Бунинг устига унинг мумтоз шеъриятга дадил киритган таржимаи ҳоллик хусусияти ҳам Бобур шеъриятини алоҳида нурлантириб туради. Ана шу кейинги хусусият шоирнинг ватанпарварлик туйғуларига жон багишлайди. У она шаҳри, Ватани согинчларини шеърда ифодалар экан, Ҳиндистон шаҳаншоҳи беихтиёр ўзининг андижонлик ғариблигига китобхон эътиборини тортади:

Не ерда бўлсанг, эй гул,

андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингга тараҳҳум айлагилким,

андижонийдур.

Шоирона юртсеварлик, ватанфидойилик Бобур шахсида шунчалик тантана қиладики, буюк император Бобур энди Андижондан йироқликни, гарчи бу мартаба Ҳиндистон тахти бўлса ҳам, қисматдаги юз қаролиг, деб ҳисоблайди:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

Шеър таъсирчанлигини таъминлаган фикрий кашфиёт: толесизлик, жонга бало орттиришлик, хато қилишлик, юзи қаролик - буларнинг ҳаммаси ўз юртидан бош олиб кетишда, гарибликни бўйинга олишдадир.

Кечагина Бобур ўзининг Кобулга ташрифи вақтинчалик экани, ҳамишалик (муқим) эмаслигига иқрор бўлган эди:

Беқайдмену хароби сийм эрмасмен,

Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.

"Кобулда иқомат қилди Бобур" дерсиз,

Андоқ демангизки, муқим эрмасмен.

Ҳеч бир шоир Ватандан йироқлик фожиасини Бобурчалик кўптомонлама ва таъсирчан ифодалай олмаган бўлса керак.

Бобур газалларининг асосий мавзуси ошиқона эҳтирослар, муштоқликлар, ёлворишлар, изтироблару куйиб-ёнишлардир.

Ошиқнинг маҳбубага илтижоси талқинида тазод усулида йигит юзининг кузги япроқдек сарғишу, сулувнинг лола юзи қирмизилигига диққат тортилгани таъсирчан:

Хазон явроғи янглиғ

гул юзунг ҳажрида сарғардим,

Кўруб раҳм айлагил, эй лоларух,

бу чеҳраи зардим!

Ошиқона муносабатларнинг Бобур топган ажабтовур зиддиятига қойил қолмасликнинг иложи йўқ: ошиқнинг маҳбубаси айрилигига сабр қилиши жуда мушкул. Бироқ учрашувда - висолда ҳам уларнинг чиқишмоқликлари бунданда мушкулроқ:

Агарчи сенсизин сабр айламак,

Эй ёр, мушкулдур,

Сенинг бирла чиқишмоқлик доғи

бисёр мушкулдур.

Чунки:

Мизожинг нозику сен - тунд,

мен - бир беадаб телба,

Сенга ҳолимни қилмоқ, эй пари,

изҳор мушкулдур!

Шеърда нур ва соялар жилваси, яъни маъно жиҳатидан қарама-қарши сўзларни қўллаш таъсирчанликни таъминловчи омиллардан бўлиб, буни тазод (зидлов) санъати дейилади. Одатда, байтда бир-бирига зид маъноли икки сўз ушбу санъатнинг мисралардаги кўрсаткичи бўлади.

Бобур тазод санъатидан фойдаланишда маҳорат кўрсатиб, зид маъноли икки сўзни эмас, тўрт сўзни эмас, олти сўзни бир байтда қарама-қарши маъноларда тиза олади:

Нетгаймен ул рафиқ билаким,

қилур басе,

Меҳру вафо - рақибға,

жавру жафо - менга.

Байтдаги ўзаро зид маъноли тазод кўрсаткичларини тизиб кўрайлик:

рафиқ - рақиб;

меҳр - жавр;

вафо - жафо.

Ошиққа жафокор, рақибга лутф-марҳаматли офатижон маҳбубанинг феъл-атвори ана шундай зидлов усулида бир байтдаёқ ойдинлашади.

Алишер Навоий бадиий тасвир воситаларидан ийҳом санъатининг "хосса маъно" ифодаловчи унсурлигини қайд этган эди. Бобур шеърияти байтда бир ёки икки сўзни икки маънода қўллаш санъати бўлган ийҳомга жуда бойдир. Чунончи, унинг қуйидаги байтида "сўрорим бор" бирикмаси сўрамоқчиман ва сўрмоқчиман маъноларида қўлланган:

Лабинг бағримни қон қилди,

кўзумдин ёш равон қилди,

Нега ҳолим ёмон қилди,

мен ондин бир сўрорим бор.

Бугина эмас, ҳатто таржимаиҳоллик хусусияти сингдирилган ушбу рубоийнинг тўртинчи мисрасини қуйидагидек тўрт хил талқин қилиш мумкинки, Бобурнинг ўзи қайси мисра маъносини на-зарда тутгани китобхонга жумбоқлигича қолади:

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилгойсен,

  1. 1. Гар сўрса мен хастани гулрух моҳим.

  2. 2. Гар сўрса мен хастани гулрух Моҳим.

  3. 3. Гар сўрса мен хастани Гулрух моҳим.

  4. 4. Гар сўрса мен хастани Гулрух,

Моҳим.

Зеро, мумтоз адабиётнинг мумтозлиги ҳам сўз, бирикма ва мисраларнинг турфа маъно товланишлари ва кўпмаънолилиги, ўқувчини фикр юритишга рағбатлантириши билан изоҳланади.

Маълумки, Бобур фарзандларининг оналари Гулрух бегим ва Моҳим бегим эдилар. Шунинг учун рубоий сўнгги мисрасининг қолган уч мазмунини юзага чиқаришга уриндик.

Ҳарфий бадиий тасвир воситаларидан жозибалиси ва мураккаброги истихрож санъатидир. Буни тасаввур этиш учун аввал оддий истихрожга Бобур ижодидан мисол келтирайлик:

Каддинг алифу, қошинг эрур ё,

Десам не ажаб агар сени ой?

Ошиқ севгилисининг қоматини алиф-га, қошини ё ҳарфига ўхшатиб, уни "ой" деб даъво қилмоқда. Зотан, алиф, ё ҳарфларидан ой сўзи ҳосил бўлади...

Энди ҳарф айтилмайдиган мураккаб истихрож қатнашган байт намунасини кўрайлик:

Оғзию икки зулфу қади бўлмаса манга,

Райҳону сарву ғунча кўрардин малолдур.

Адабий анъанага кўра оғиз "мим" ҳарфига, зулф "лом" ҳарфига ва қад "алиф" ҳарфига ўхшайди. Ана шуни назарда тутган ҳолда ҳарфларни тизсак, эски ёзувда матндаги "малол" сўзи ҳосил бўлади.

Кўпинча мутахассислар ҳам истихрожнинг бу турини ҳадеганда илғайвермайдилар. Чунки ҳозирги байтда таҳлилчи диққатини аввало оғизни ғунча, зулфни райҳон, қаднинг сарвга ухшашлиги системаси ўзига тортади ва у беихтиёр байтдан лаф ва нашр санъатини кузатади.

Ғазалларининг асосий қисми ўта содда, мислсиз маҳорат билан битилган саҳли мумтанеъ маҳсулидир:

Эй юзи насрин, қомати шамшод,

Неча қилурсен жонима бедод?

Сен киби пуркор, шеваси бисёр,

Билмади, эй ёр, ҳеч киши ёд.

Жаврда нодир, зулмда моҳир,

Ишвада қодир, ғамзада устод.

Ёр ғамидин, ҳажр аламидин,

Сабр камидин нолаю фарёд!

Бобури бедил, зй бути қотил,

Жаврунга мойил, зулмунга муътод.

Саҳли мумтанеъ - кўринишидан осон, жўнгина туюладиган, аслида эса, бундай ёза олиш жуда мураккаб бўлган антиқа баён услубидир. Бу услубни биз Бобур ва Машраб ижодидагина кузатамиз, холос. Юқоридаги ғазал бичими киши эгнида таранг турадиган нафис устки кийимни эслатади. Анъанавий ташбеҳ бичим таранглиги туфайли ўзгача таъсир кучига эга бўлади. Қисқа мисраларнинг ички қофиялар билан таъминлангани, уларнинг ҳар бирини яна икки бўлакка бўлади. Натижада байт тингловчида тўртликдай таассурот қолдиради. Бу эса жарангдорликни янада кучайтиради:

Жаврда нодир,

Зулмда моҳир,

Ишвада қодир,

Ғамзада устод.

Шу биргина байтнинг поэтик фазилатларини бир дафтар қилиб шарҳласа арзийди. Иккитагина мисрада яратилган маъшуқа тимсоли феъл-атворининг кўпқирралилигига эътибор берайлик. Янгича поэтик шакл мўъжиза содир этиб, анъанавий фикрларга янгидан жон ато этган, залвор берган, оҳорли қилган. Улкан полотно миниатюрага нисбатан юз баравар таъсирчан эканлиги санъатшуносликда маълум. Аммо Бобур шу таъсирчанликни тескари амалиётда юзага чиқарган.

Улкан полотно - достонлардаги тасвирни жажжи байт - миниатюра ҳолатига келтириб мўъжиза яратган.

Шу биргина байтда шоир ишвада қудратли, гамза қилиш (кўз сузиш)да устоз даражасидаги, жабрнинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган хилларини ошиқ бошига сола оладиган, зулмни моҳирлик билан ўтказа оладиган маҳбуба сиймосини ярата олган.

Бобур жозибали мумтоз газаллар ижодкоригина эмас, у рубоий жанрида ҳам ўз шахсий услубини намойиш эта олган улкан санъаткордир. Ўзбек мумтоз адабиётининг рубоий жанри ривожида Бобурнинг ўрни алоҳидадир.

Фалсафий ва тасаввуфий рубоийчиликда Умар Хайём форс адабиётида пешво бўлганидек, Бобур ўзбек адабиёти рубоийчилигида икки жиҳатдан: рубоий-ларининг кўплиги ва рубоийга таржимаи ҳолга доир деталларни сингдиргани би-лан бошқа мумтоз шоирларимиздан устун туради.

Бобур бу кичик лирик жанр намуналарида ўз исми, гоҳ вафодор хотинлари - Моҳимбегим ва Гулрухбегим, гоҳ ўгли Комрон, гоҳ хушовоз ҳофизи Руҳдамнинг исми шарифларини муҳрлаган. Шуниси эътиборлики, Бобур рубоийларининг мавзулари ғоят хилма-хил. Фалсафий, ижтимоийсиёсий, ахлоқий-таълимий, диний-тасаввуфий, севги-муҳаббат, дўстлик-тотувлик, ҳаётга муҳаббат, ёру диёр, нифоқ ва ноиттифоқлик, жўмардлик ва тантилик, ҳаётдан тўйиб кетиш ва далли-девоналик сингари талқинлар маънавий теранлигию табиийлиги билан ўқувчини мутолаага мойил этади.

Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, "Вақоеъ"("Бобурнома") Бобур саргузаштларининг воқеий тарихий лавҳаларидан иборат бўлса, унинг рубоийлари ана шу қомусий асарга ўзига хос иловадир. Зотан, "Бобурнома" воқеалар баёни бўлса, рубоийлар ўша воқеалар иштирокчиси Бобурнинг ҳис-туйгулари галаёни ифодасидир.

Таржимаи ҳолнинг рубоий ёки ғазалга дахли бадиий матнга ҳужжатлилик бахш этади; ҳужжатлилик эса умумийликдан кўра таъсирчанликда устунлик қилади. Чунки китобхон умуман лирик қаҳрамондан кура, Бобурнинг ўзини юракка яқинроқ олади.

Шуниси диққатга сазоворки, муайян рубоийда, юзаки қараганда, таржимаи ҳолга доир ҳеч қандай белги кўринмайди. Агар биз унга адабиётшуноснинг уткир кўзи билан боқиб, тадқиқ эта бошласак, у рубоийнинг кимга аталгани ва унинг исботини ҳам манзур этишимиз мумкин. Чунончи, Бобурнинг:

Ашъорингким, шеър оти то бўлғай,

Табъ аҳли анга волау шайдо бўлғай.

Ҳар лафзи дуру баҳри маони анда

Ким кўрди дуреки анда дарё бўлғай?! -

рубоийсини ўқиганимизда гап ким ҳақида бораётганини аниқ билмаймиз. Хаёлан мазмунини тушуниб олишга ҳаракат қиламиз:

Дунёда шеър номи бор экан, сенинг шеърларингга истеъдодлилар мафтуну шайдо буладилар. Шеърларингнинг ҳар бир сўзи - гавҳар, лекин у гавҳарда маъ-нолар денгизи жойлашган. Денгизни ўзига сиғдира олган гавҳарни ким кўрипти?

Ўйлаймиз: у қандай буюк шоир эканки, дунёда то шеър оти бор экан истеъ-додли шоиру адиблар унинг шеърларига мафтун ва шайдо бўладилар?

Бобур - қаттиққўл адабиётшунос. У кимни бундай улуғ мақтовлар билан сийламоқда?

"Бобурнома"даги қуйидаги сатрларни кўз олдимизга келтирамиз:

"Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эмас...";

"Бу иккинчи навбат Самарқандни олганда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим".

Балки, Бобур ёзган мактуб варағининг "орқасида байт айтиб, битиб йибор" гани шу рубоийдир?

Исботи шуки, оламдаги бирор шоир "Мен гавҳарга денгизни жойлаганман" демаган. Алишер Навоий эса ана шу гапни айтган:

Дур бўлур баҳр ичра пинҳон назмидин

таҳ мадҳида,

Баҳр ёшурмиш Навоий ҳар дури

макнун аро.

Бобур юқоридаги байтда даҳо устознинг ушбу байтига ишора қилиб, талмеҳ санъатининг риёзий намунасини қўллаган. Демак, рубоий Алишер Навоийга аталган бўлиши мумкин экан...

Бобур шоиргина эмас, йирик адабиёт назариётчиси ҳамдир. Шеършу-носликда аруз вазни масаласи ҳамиша асосий ва долзарб бўлган. Нега шоҳ Бобур бу соҳага жуда қизиқади? Гап шундаки, шеъриятда кўп вазн қўллаш ҳодисаси муайян маънода шу адабиёт нуфузи ва савиясини белгилайди.

Ҳатто Ҳусайн Бойқаро девонидаги газаллар бир вазнда ёзилганини махсус қайд этар экан, бу ҳолни Бобур ижобий ҳодиса деб қарамаган.

Бобургача ўзбек тилида аруз илмига доир икки рисола ёзилган. Биринчиси - Шайх Аҳмад бин Худойдод Тарозийнинг "Фунун ул-балоға" (1436/37) асари бўлиб, бундаги тўрт илмнинг бири аруздир.

Иккинчиси - Алишер Навоийнинг "Мезон ул-авзон" асаридир. Бу рисолада140 вазн ҳақида илмий маълумот берилган.

Навоийнинг "Фунун ул-балога" асаридан хабари бўлмаган кўринади. Бобур ўзбек тилидаги арузшуносликнинг бу манзарасидан яхши хабардор бўлгани учун ундан қониқмаган ва бу соҳага ҳисса қўшишга шайланган.

"Бобурнома"ни кўчирган котиб Бобурнинг аруз рисоласи номини "Муфассал" деб кўрсатади. Дарҳақиқат, Бобур бу рисолани шундай ёзганки, унда асл, фуруъ ва зиҳофлар юзасидан ишлаб чиқилган 537 вазн миқдорига аҳамият берилса, тадқиқотнинг бежиз "Муфассал" деб аталмаганига амин бўламиз. Ушбу маълумот келгусида Бобурнинг аруз рисоласи номини турли нашрларда ва мактаб адабиёт дарсликларида "Муфассал" тарзида эълон қилинишини тақозо этади...

Бобур - фикҳ олими. Фиқҳ - мусулмончилик фарз ва суннатлари ҳақидаги амалий низом илмидир. Бобурнинг нега бу соҳага қизиққанини унинг исми шарифи маъно-мазмунидан мушоҳада қилсак мақсадга мувофиқ бўлади. Зотан, исм ва унинг маъноси инсоннинг феъл-атвори ёки умрбод фаолиятининг мазмунини белгилайдиган муҳрдир.

Биз "Заҳириддин Муҳаммад" - унинг исми, "Бобур" адабий тахаллуси деб му-лоҳаза юритамиз. Аслида эса, Мирзо Олим Мушрифнинг "Ансоб ус-салотин фи таворихи хавоқин" ("Султонлар на-саблари ва хоқонлар тарихи") номли тарихий асари ва Бобурнинг қуйидаги рубоийсига қараганда учала сўз ҳам шоҳ ва шоиримизнинг исми шарифидир:

Туз оҳ Заҳири дини Муҳаммад Бобир,

Юз оҳ Заҳири дини Муҳаммад Бобир.

Сарриштаи айшдии кўнгулни зинҳор

Уз оҳ Заҳири дини Муҳаммад Бобир.

Сабоҳат Азимжонова ва Азиз Қаюмов уч жилдлик Бобур "Асарлар"ининг I жилдида ушбу рубоийни шу тарзда манзур этганлар. Нашрга тайёрловчилар китобхон исм маъносига аҳамият берсин, дея шундай қилишган. Чунки рубоийнинг аслияти қуйидагича кўчирилмоғи керак эди:

Туз оҳ Заҳириддини Муҳаммад Бобур,

Юз оҳ Заҳириддини Муҳаммад Бобур...

Мирзо Олим Мушрифнинг "Ансоб ус-салотин фи таворихи хавоқин" номли тарихий асари маълумотларига қараганда, Умаршайх мирзонинг тўнғич ўғлига бу исмни Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қўйган. Исм сўзларининг шарҳига келсак: Заҳири дини Муҳаммад - Муҳаммад динининг таянчи, посбони, демакдир. Бобур - бабр(шер)сифат, шердек деган маънога моликдир.

Шунинг учун ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир умр шариатпаноҳ ҳукмдор бўлиб яшади; шариатга амал қилди; шаръий ҳукмлар берди ва фиқҳга оид "Мубаййин" (баён этилган) номли асар ёзди. Ушбу китобда муаллиф фарзандлари билиши зарур булган фарз асосларини (имон, намоз, рўза, закот, ҳаж) ўташ масалаларини шеърий усулда бутун муфассаллиги билан баён этди.

Бобур ёзади:

Билгасен, зй хужаста фарзанд,

Жигарим бирла жонима пайванд.

Масалаларки, ул зарур эрди,

Билмасанг дининга қусур эрди.

Етти кўнглумғаким, йиғиштурсам,

Назм тартибида сиғиштурсам.

То ани забт қилгасен осон,

Ул масойилни билгасен яксон...

Дину донишда ҳар кун афзун бўл,

Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл...

Матннинг охирги мисрасидаги ийҳом сўз ўйини (ҳумоюн, Ҳумоюн)да исм келтирилган бўлса, демак, "Мубаййин" валиаҳд фарзанди Ҳумоюн мирзога бағишланган бўлиб чиқади. Агар ундан кейинги байтдаги сўз ўйини (Комрон, комрон) да атоқли от инобатга олинса, балки бу рисола ўғли Комрон мирзога атаб ёзилгандир, деб тахмин қилиш ҳам мумкин:

Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,

Юз туман обрўю иззат кўр.

XX асрда "Мубаййин" таркибидаги "Китоб уз-закот", "Китоб ул-ҳаж", "Китоб ус-салот" қисмлари алоҳида китоблар ҳолида бир неча маротаба нашр этилган эди. Ниҳоят, "Мубаййин" тўлалигича профессор Саидбек Ҳасанов томонидан 2000 йили нашр этилди.

XVI асргача фиқҳга оид асарларнинг асосан араб ва форс тилларида битилга-нини инобатга олсак, эл устида турган Бобурнинг ўз миллатдошлари - ўзбеклар тушунадиган тилда бундай асарлар яратгани нақадар муҳим ва долзарблигини аниқроқ тасаввур этиш мумкин.

"Бобурнома" котиби бу ҳақда:" ... маснавий китоби ҳам борким, оти "Му-баййин"дур деб маълумот берар экан, ҳаяжонини яшира олмай мақтовга ўтади: "Тил билур доно халқ орасида анингдек латойиф (ажойиб китоб) йўқтур".

Бобур - бадиий тарясимон. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ва уларнинг фарзанду невараларига ҳурмат-эътибори катта бўлган. Хожа невараларидан икки киши Бобур хизматида бўлган. Айниқса, Хожа Калоннинг Бобур билан қадрдонлиги бир умрлик хизмати билан изоҳланади.

Бобур Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг форс тилида насрда ёзилган "Волидия" асарини шеърий усулда ўзбек тилига таржима қилган. Хожа Убайдуллоҳ бу асарни оталарининг тавсиялари билан ёзган:

Отаси қилган учун таклифе,

Қилди овинг отига таълифе.

Бобур ота сифатида бу асардаги ота тилидан фарзандга айтилган динийта-саввуфий ўгитларни ўз фарзандларига етказиш учун ушбу китобни назмда она тилига ўгирган.

Нега насрда эмас? Чунки назмни хотирада сақлаш имкони каттадир. Қолаверса, назмнинг ҳурмат ва эътибори насрга нисбатан жуда юқори ҳисобланган.

Таржимон таржимани бошлаш ва охирига етказиш сабабини "Вақоеъ"да шундай баён этади (матн табдили): "Жума куни, ойнинг йигирма учинчисида баданимда иситма зоҳир бўлди. Шундай бўлдики, жума намозини масжидда қийналиб ўқидим. Эртасига пешин намозини эҳтиёт юзасидан китобхонада бироз муддатдан сўнг ўқидим. Индини, якшанба куни яна иситмам чиқди, озроқ титрадим.

Сешанба кечаси, сафар ойининг йигирма еттинчисида ҳазрат Хожа Убай-дуллоҳнинг "Волидия" рисоласини назм қилмоқ фикри кўнглимга келди. Ҳазрат-нинг руҳига илтижо қилиб, кўнглимдан кечирдимки: агар бу манзума ҳазратга маъқул бўлса, худди "Қасидаи Бурда"-нинг қасидаси маъқул бўлиб, соҳиби фалаж касалидан халос бўлгани сингари, мен ҳам бу хасталикдан фориг бўлсам, назмим қабул қилинганига шу далил бўларди. Ушбу ният билан... рисолани назм этишга киришдим. Ўша кечанинг ўзида ўн уч байт ёздим. Худди атайин келишилгандек, ҳар куни ўн байтдан кам битилмас эди. Дарвоқеъ, бир кунгина бу иш қилинмади. Ўтган йили ва балки ҳар гал бу хасталикка чалинганимда, ақалли бир ой, қирқ кун оғрирдим. Тангри инояти билан, ҳазратнинг ҳимматидан, пайшанба куни, ойнинг йигирма тўққизинчисида бирозгина иситмаладим, кейин мутлақо тузалиб кетдим. Шанба куни, раби ул-аввал ойининг саккизинчисида рисола сўзларини шеърга солиш ниҳоясига етди...".

"Волидия" рисоласи инсон ихтиёри ва фаолиятини Оллоҳ билан боғлаш, унигина зикр этиш, сўзи ("Қуръон")ни ёдлаш ва айтишни тавсия этувчи, инсон-нинг ҳаётий фаолияти, еб-ичиш, маишатда ўртачаликка чорловчи панднома, на-сиҳатномадир. Шунинг учун ҳам гарчанд асар шеърга солинган бўлсада, матнда асосий диққат шоирона сеҳрсозлик эмас, балки Хожа насиҳатларини китобхонга аниқ етказишга қаратилади.

Шундай бўлсада, шеър сеҳрига қизиқувчилар, бадиий унсурларга аҳамият берувчилар учун асар бошидаги бир байтдаги лафзий ва маънавий тасвир во-ситаларини кузатамиз. Оллоҳ ҳамдидан:

Тил анинг ҳамдида қосирдур, бим,

Бил, аиивг ҳамдида қосирдур тил.

Ижодкор лафзий санъатлардан такрорнинг беш-олти хилидан фойдаланган. Чунки такрор санъатлари таъкид ва таъсирчанлик унсурларидан ҳисобланади. Аввало байт бошидаги ва охиридаги остин ва устин икки сўзга аҳамият берайлик.

Биринчи мисрада қатнашган "тил" ва "бил" сўзлари иккинчи мисрада ўрин алмашиб такрорлангани туфайли тарду акс санъати қўлланилган.

Байтни бошлаган суз ("тил") байт охирида такрор келса ("тил") тасдир санъати бўлади.

Биринчи мисра охиридаги сўз ("бил") такрори билан иккинчи мисра бошлан-са тасбе санъатидан даракдир.

Байтнинг боши ва охиридаги сўзлар ўртага олган сўзларга аҳамият берамиз: "анинг ҳамдида қосирдур" сўзлари ҳар икки мисрада қофия олдидан такрорлан-моқда. Бу усул ҳожиб санъати намунасидир.

"Тил" ва "бил" сўзларининг байт бошидаги оҳангдошлиги музораа санъати иштироки туфайлидир. Байтдаги фикрни "бил" деб буюриш эса амр санъатидан даракдир.

Тилнинг Оллоҳ мақтовида (ҳамдида) восита эканлиги ва айни пайтда қосир-лиги - тегишлича мақтовга яроқсизлигига аҳамият берилса: тил, ҳамд ва қосир сўзларининг ўзаро дахлдорлиги туфайли таносиб санъати кўлланганига амин бўламиз.

Ниҳоят, биринчи ва иккинчи мисралардаги барча сўзларнинг остин ва устин ҳолатини назарда тутсак: улар оҳангдошлик вазиятидадирлар. Демак, байтдаги остин ва устин турган сўзларнинг ўзаро оҳангдошлиги (музораа, такрор ва қофия) тарсеъ санъати иштирокини кўрсатмоқда.

Демак, Бобур бу байтда тарду акс, тасбе, тасдир, тарсеъ, музораа лафзий санъатларини, амр ва таносиб маънавий санъатларини қўллаган экан...

Бобур - янги ёзув кашфиётчиси. Маданият тарихида ёзувларнинг аҳамияти катта. Маънавий меросни, маданият ва санъатни кейинги авлодларга етказадиган муҳим восита - ёзув (хат)- дир. Туркийлар ўз узоқ тарихларида кўплаб ёзувлардан, чунончи, туркруний ёзувидан, араб ёзувидан, уйғур ёзувидан фой-даланганлар. Бобур араб ёзувида савод чиқарган ва умри бўйи шу ёзувда иккиуч тилда матн битган, бу ёзувнинг ифода имкониятлари, ўзлаштириш усулларини яхши билган. Шунинг учун у бу ёзувни янада мукаммаллаштириш, осон-лаштириш, сўзни ҳар хил ўқиш нуқсонларини бартараф этиш мақсадида янги ёзув - Бобурий хаттини кашф этди. Унинг бу жасорати, биринчидан, маънавият ва саводхонликка куюнчаклигидан бўлса, иккинчидан, ўқиш ва ёзишни осонлаштириш, қулайлаштиришга интилиши туфайли эди.



© 2010-2022